Ушбу ҳикоядаги воқеалар бадиий тўқима маҳсули бўлиб, ҳозирги вақтда фуқаролар уруши давом этаётган Яқин Шарқ мамлакатларидан бирида бўлиб ўтади.

Уфқдан энди кўрина бошлаган қуёш нурлари, узоқдан келаётган азон садоси ва қушларнинг чўғир-чўғири гўё яна бир тонг отганидан дарак бермоқчидек эди.

Али бомдод намозини ўқиб бўлиб, жойнамозини йиғиштирди ва дераза ёнида турган стул суянчиғига тахлаб қўйди. Ойнанинг орқасидан кўчага назар ташлар экан, вужудини қандайдир ғалати ҳис эгаллади. Кўпчилиги турли даражада зарар кўрган, айримлари ҳатто бутунлай ёниб кетган уйларга қараб, бундан бор-йўғи бир неча ой илгари бу жой шаҳарнинг энг нуфузли кўчаларидан бири бўлганига ишонгиси келмасди.

Одатда бу вақтда масжитдан уйига қайтаётган турли ёшдаги намозхонлар билан тўла бўладиган кўчалар сув қуйгандек жим-жит эди. Фақат кузовига янги ҳукумат байроғи туширилган машиналарда у ёқдан бу ёққа ўтиб турадиган ҳарбийлардан ташқари тирик жондан асар ҳам йўқ эди. Аҳён-аҳёнда кимлардир ўтиб қолар, аммо улар ҳам худди бир оздан кейин жала бошланиб қоладигандек, уйларига шошишарди.

— Одамлар кўчага чиқишга ҳам қўрқиб қолишди, — ўйлади Али ичида.

Хонадан чиқиб, ширин уйқуда ётган ўғлини уйғотиб юбормаслик учун эшикни оҳиста ёпди.

— Ухлайверсин, барибир мактабга бормайди-ку, — деди ўзига ўзи.

Тўнтаришдан кейин барча мактаблар янги ҳукумат назорати остига ўтиб, ташвиқот марказларига айлантирилган, шу сабабли одатдаги фанлар ўрнига ҳарбий кўникмалар ва исёнчиларнинг ғоялари ўргатиларди. Шунинг учун кўпчилик оилалар фарзандларини мактабга чиқаришни хоҳламасди.

Али зинадан пастга тушиб, телевизор олдида ўтирган отасининг ёнига борди.

— Ассалому алайкум, ота!
— Ва алайкум ассалом!

Ёши етмишдан ошиб қолган бу чол — ҳарбий-ҳаво кучларининг собиқ учувчиси, истеъфодаги полковник Ҳусайн бин Саййид эди. У 1973 йилги Араб-Исроил уруши қаҳрамони бўлиб, ўша жангда икки оёғидан айрилганди. Ёши бир жойга бориб, буни устига ногиронлар аравачасига михланиб қолган бўлса ҳам, қарашлари ўткир, вужудидан навқирон йигитларга хос ғайрат уфуриб турарди.

Чол телевизорга тикилганича ўйчан ўтирарди. Маҳаллий телестудияларнинг барчаси исёнчилар томонидан эгалланган бўлиб, эртадан кечгача турли ташвиқот видеоларини намойиш қилар, мамлакатдаги воқеаларни билишнинг ягона манбаси — деярли барча уйларнинг томига ўрнатилган сунъий йўлдош антенналари эди.

У атрофда содир бўлаётган хунрезликлар ҳақидаги тасвирларни кўриб, ич-ичидан азобланарди.

— Бу юртга лаънат тегди, болам! — деди ўғлига қараб.

Али индамади. Тўғрироғи, нима дейишни билмади. Отасининг нималарни ҳис қилаётганини яхши биларди, аммо уни юпатиш учун бирор сўз топишга ожиз эди.

Унинг хаёлларини хотини — Ойшанинг жарангдор овози тарқатиб юборди:

— Ахмед! Тур, ўғлим, нонушта қиламиз!

Ойша — ёши энди ўттизга чиққан кўҳликкина аёл бўлиб, иккинчи фарзандига етти ойлик ҳомиладор эди. У бир қўли билан белини ушлаганча ошхонага кириб кетди.

Эрталабдан негадир бели қаттиқ оғриб, безовта қилаётганди. Эрига айтишни истамади — бу кунларда ўзи кўчага чиқиш хавфли бўлиб қолганди. Ҳали уни, ҳали буни адашиб отиб қўйишяпти. Замон нотинч.

“Доктор топиб келаман”, деб эри бошига бирор балони орттириб олмасин, деб қўрқди. Яхшиси, чидашга қарор қилди.


Юзини чала-ярим ювган кичкинтой Ахмед бир қўли билан кўзини ишқаганча бобосининг ёнига келди.

— Ассалому алайкум!
— Ва алайкум ассалом! Мени полвоним уйғонибди-ку, — эркалади чол.

Унинг юзида бир неча сония олдинги тушкун кайфият дарров қувонч билан алмашди. Набирасини юзидан ўпиб, бошидан силаб қўйди:

— Хўш, бугун қандай туш кўрдингиз?
— Туш кўрмадим, фақат ухладим, — болаларча жавоб қилди Ахмед, бобосининг қучоғига чиқишга ҳаракат қилиб.

— Ахмед, мени ёнимга кел, бобоингни қийнаб қўясан, — койиди Али.
— Қўявер, ҳеч нарса қилмайди, — қаршилик қилди чол.

Ойша одатдагидай ёйма лагандага ловияли фул* олиб келиб, столга қўйди. Чол бошлаб берди. Шундан кейин барча оила аъзолари овқатга қўл уришди.

Бобо ўзи ейишдан кўра, набирасига овқат едириб роҳатланарди.

— Ахмед, бобоингни овқатлантирмай қўйдинг, ўзинг ейсан-да, — хижолат бўлди Ойша.
— Қўй, келин, боланинг раъйини қайтарма, — жавоб қилди чол.

Ахмед онасига қараб, “ажаб бўпти” дегандай тиржайди.

— Кел бу ёққа. Менинг қучоғимда ўтирасан, — давом этди онаси.
— Қучоғингизда жой йўғ-у? — деди болакай, онасининг қорнига ишора қилиб.

Бундан ҳаммалари кулиб юборишди. Кичкинтой эса худди катта иш қилгандек гердайиб қўйди.

Ҳозирги тушкун кунларда бу хонадоннинг ягона қувончи шу бола эди.

***

 

Кутилмаганда тақиллаб қолган эшик уларни кулгидан тўхтатди. Ҳамма бирдан сергак тортди. Кичкинтой Ахмед чаққонлик билан телевизорни маҳаллий каналга ўтказиб қўйди.

Эшик яна тақиллади. Бу сафар анча кучли тақиллатишди. Ҳамма саросимага тушиб қолди, чунки бу маҳалда эшик тақиллаши яхшилик аломати эмас эди.

Биринчи бўлиб чол ўзига келди.
— Келин, болани олиб юқорига чиқинглар, — буюрди.

Ойша бирор нарсадан қуруқ қоладигандек кетишни истамаётган ўғлининг қўлидан судраганча, зинадан тепага олиб чиқиб кетди.

Али туриб бориб, эшикни очди.

Эшик олдида иккита бақувват ҳарбий турарди. Қиёфаларидан, улар собиқ ҳукумат аскарларидан эканлиги аён эди. Иккаласи ҳам нимадандир хавотирда, тез-тез орқага қараб-қараб олишарди.

— Ассалому алайкум! Ичкарига кирсак майлими? Бизни қидиришяпти… — тилга кирди новчаси.

Улар Алига гўё сўнгги умидига қарагандек боқишарди.

— Ўглим, уларни ичкарига кирит, — деди чол ичкаридан.

Али иккиланиб қолди: уларни уйига киритиб, оиласини хавф остига қўйишни истамасди. Шу билан бирга, отасининг сўзини ҳам икки қилолмасди.

— Марҳамат… — деди у, истар-истамас.

Ҳарбийлар бир-бирларига "сенга ҳам эшитилдими?" деган нигоҳ билан қарашди.

— Киринглар, марҳамат! — такрорлади Али, уларнинг иккиланиб турганини кўриб.

Икки ҳарбий бирин-кетин ичкарига киришди. Али ташқарига бир қараб олди-да, эшикни ёпди. У ҳали ҳам хавотирда, отасининг қароридан ранжиган эди.

— Келинглар, ўғилларим! — деди чол, аравачасини улар томонга буриб. — Келин, меҳмонларга овқат олиб кел!

Ойша дарров рўмолини боғлаб, пастга тушди.

Кичкинтой Ахмед пилдираб, қўл ювиш учун сув ва сочиқ олиб келди.

Икки ҳарбий ва Али стол атрофига ўтиришди. Чол дуо ўқиди.

Ойша меҳмонларга овқат олиб келди-да, ўзи ошхонага қайтиб кетди.

Иккала забардаст йигит ўзларини қорни тўқдек тутишга ҳаракат қилишса-да, юз-кўзларидан камида 5-6 кундан бери туз тотишмагани билиниб турарди.

Чол буни дарров пайқади.
— Тортинманглар, худога шукр, овқатимиз сероб.

Йигитлар ютоқиб-ютоқиб овқатланишга тушишди.

Али уларга чой қуйиб узатди.

Кичкинтой Ахмед эса, бу икки баҳайбат одамга қизиқиш билан, кўз узмай термулиб турарди.

Овқат тугади.

Ойша дарров келиб, бўшаган идишларни олиб кетди.

Овқатланиб, бир оз ўзига келган йигитлар — бу меҳрибон одамларга раҳмат ҳам айтишни унутганларидан уялиб, хижолат бўлишди.

— Сизларга қандай миннатдорчилик билдиришни билмаймиз, — деди новчаси. — Менинг исмим Саййид, бу эса укам Латиф. Ростини айтсам, кимдир уйига қўйишидан умидимизни узгандик. Сизнинг эшигингизни ҳам шунчаки, яна бир уриниб кўриш учун тақиллатган эдик.

— Сизларни ҳам ташвишга солдик… — қўшилди иккинчиси.

— Хижолат бўлманглар, — жавоб қилди чол. — Гвардияданмисизлар?

Йигитлар ҳайрон бўлишди: уларнинг эгнида оддий ҳарбий кийим бўлиб, унда ҳеч қандай танитувчи белги йўқ эди.

— Қандай топдингиз, отахон? — сўради Латиф.

— Топдим-да, — елка қисди чол.

— Сиз ҳам ҳарбиймисиз? — сўради Саййид.

— Ҳмм, — тасдиқлади чол. — Учинчи эскадриля.

Йигитлар бир-бирларига қараб олишди. Гўё яқин қариндошларини топишгандек, хурсанд бўлиб кетишганди.

— Бу ерларда нима қилиб юрибсизлар? — сўради чол. — Жанубга кетмадингларми? У ерда ҳали ўзимизникилар бор деб эшитгандим.

Мамлакат жанубий ҳудудлари ҳукумат кучлари назорати остида бўлиб, исёнчиларга хизмат қилишни истамаган барча ҳарбийлар ўша томонга чекинишган эди.

— Оиламиз… оиламиз шу ерда қолиб кетган эди, — овози титраб жавоб қилди Саййид.

— Уларни топдингизларми? — беихтиёр сўради Ойша.

Эри унга “жим бўл” дегандек қараб қўйди. Одатга кўра, араб аёллари уйига келган бегона эркаклар билан гаплашишмас эди. Аммо она сифатида, ҳимоясиз қолиб кетган оила қисматига бефарқ қарай олмаган Ойша ўзини тутиб тура олмади.

— Топа олдингизми?

Йигитларнинг кўзларига ёш келди.

Нимадир демоқчи бўлишди-ю, айта олишмади.

Ниҳоят, Латиф тилга кирди:
— Уларни… — у гапини давом эттира олмай, йиғлаб юборди.

Аммо нима демоқчи бўлгани ҳаммага равшан эди: бир ҳафта олдин революцион фронт аскарлари ҳукумат ҳарбийларининг шаҳарда қолиб кетган оила аъзоларини ҳибсга олиб, марказий майдонда қатл қилишганди.

— Ўглим эндигина гапиришни бошлаганди. Бир марта бўлса ҳам “дада” дейишини эшитолмадим… — йиғи аралаш гапирди Саййид.

У чўнтагидан расм чиқариб, бир оз тикилиб турди ва Алига узатди.

Суратда бир ёшлар атрофидаги ёқимтой бола тасвирланган бўлиб, унинг қоп-қора кўзлари гўё: «Мен кимга ёмонлик қилдим? Гуноҳим нима эди?» дегандек боқиб турарди.

Али сесканиб кетди. Негадир кўз олдига қонга беланиб, жонсиз ётган Ахмед келди. Ўзини тутиб туролмади:

— Ваҳшийлар! Минг лаънат ҳаммангга! — унинг кўзлари нафратга тўла эди.

— Бу қонхўрларни ҳали илдиз отиб улгурмаганида, кўчада ҳар хил намойишлар уюштиришни бошлаган кунидаёқ биттасини ҳам қўймай қириб ташлаш керак эди! — чол ажин босган пешонасини янада тириштириб, гап бошлади. — Аяб ўтирмаслик керак эди ўшанда! Нега аядиларинг? Ким халал берди сизларга?

У икки ҳарбийга “жавоб бер!” дегандек тикилди.

— Ўшанда улар қуролсиз эди. Қуролсиз одамларга қарши ўт очолмас эдик… — деди Латиф.

— Қуролсиз дегин-а… — чол унга саволомуз нигоҳ билан қараб олди ва шиддат билан аравачасини телевизор тарафга бурди.

Экранда эса, сипо кийинган исёнчилар етакчиси тўлқинланиб, халқни “эзгу мақсадлар” йўлида унга эргашишга даъват қиларди.

— Кўряпсизларми? У ҳатто ҳозир ҳам қуролсиз. Аммо нималар қилганини ҳаммамиз кўрдик. Бундайларга қурол керак эмас, чунки уларнинг ўзи энг катта қурол!

Чол чин кўнгилдан гапирарди. Гапирганида эса, тиззасидан кесилган оёқларини гўё ўрнидан туриб кетмоқчидек, аравачасига тирар эди:

— Мен ҳаммадан кўпроқ ана шу лўттивозга эргашган ношукур халқдан нафратланаман! Минг лаънат бунақа халққа! Ўн йил шу нонкўрлар учун қон тўкдимми? Оёқларимдан айрилиб, ногирон бўлганимда ҳам афсусланмаган эдим қилган ишимдан. Лекин бугун афсусландим!

У бирдан жимиб қолди.

Кўз олдидан хизматда ўтган йиллари, қаҳрамонларча ҳалок бўлган қанчадан-қанча дўстлари бирма-бир ўта бошлади. Биргина "Олти кунлик уруш" давомида юзлаб сафдошлари кўз олдида жон беришган эди.

Уларнинг барчаси ана шу халқ келажаги учун жон тикишганди. Халқ эса...

— Исроилликлар ҳам ғирт аҳмоқ экан, — деди ниҳоят чол. — Биз билан ўттиз йилдан ортиқ жанг қилишди. Қўйиб беришсак-у, ўзимизни ўзимиз еб битирар эканмиз.

Орага узоқ сукунат чўкди.

Бир неча дақиқа илгари бу йигитларни уйига киритганидан афсусланиб турган Али, энди уларнинг қисматига чин дилдан ачинар, қандай қилиб бўлмасин, уларга ёрдам бериш йўлини қидирар эди.

Ўртадаги жимликни яна чолнинг ўзи бузди. У ниманидир сезгандек эди:

— Бу ерда қолишингиз хавфли. Исталган вақтда қидириб келишлари мумкин.

У чўнтагидан қоғоз бўлагини чиқариб, унга нималардир ёзди ва Саййидга узатди:

— Мана шу манзилга борасизлар. У ерда менинг яқин бир дўстим яшайди. Унга шу хатни кўрсатсангиз, жанубга соғ-саломат етиб олишингизга ёрдам беради. Али сизларга бошқа кийим-бош беради, ҳарбий формада узоққа боролмайсизлар.

— Биз… Нима дейишгаям ҳайронмиз. Худо сиздан рози бўлсин, олдингизда бир умрга қарздормиз, ота! — Саййиднинг кўзига яна ёш келди.

— Худо ўз паноҳида асрасин сизларни, ўғлим! — дуо қилди чол.

Али уларга оддий кийим-бош берди ва орқа эшикдан кузатиб қўйди.

Саййид ва Латиф унга қайта-қайта раҳмат айтиб, хайрлашишди.

— Етиб олишармикин? — хавотирланди Ойша.

— Худо хоҳласа, албатта етиб олишади, — тинчлантирди Али.

***

 

Чолнинг хавотири бежиз эмас эди.

Улар кетганидан бир соат ҳам ўтмай, эшик яна тақиллади.

Али хотинига "тепага чиқинглар" ишорасини қилди-да, ўзи эшик очиш учун кетди.

Эшикни очди-ю, дахшатдан қотиб қолди.

Эшик олдида олти нафар ҳарбий турарди. Тиш-тирноғигача қуролланган бу жангарилар — Революцион фронт аскарлари эди.

Улар таклиф ҳам кутмасдан ичкарига киришди.

Уларнинг бири — бошлиғи бўлса керак — 40 ёшлар чамасидаги киши, қолганлари эса ёш, навқирон йигитлар эди.

— Уйда яна ким бор? — сўради ёши каттаси.

— Хотиним ва ўғлим.

— Чақир!

Ойша ўғлини етаклаб тушиб келди.

Жангарилар бошлиғи одамларига "Қидир!" деб ишора қилди.

Улардан иккитаси иккинчи қаватга чиқиб кетди, қолганлари эса биринчи қаватни текширишга киришди. Бошлиқ эса секин бориб, стуллардан бирига ўтирди.

— Ооо! Янги меҳмон кутаяпсизларми? — деди у, Ойшанинг қорнига қараб. — Ўғилми, қизми?

— Худо берганини, — истар-истамас жавоб қилди чол.

— Ўғил бўлсин, ўғил! Бизга аскарлар керак!

У ўрнидан туриб, боланинг ёнига келди.

— Бу полвоннинг исми нима?

— Ахмед, — ҳозиржавоблик қилди болакай.

— Ахмед? Яхши! Нега мактабга бормадинг, Ахмед?

— Уни мазаси йўқ эди, — шошилиб жавоб қилди Ойша, боласини секин ўзига тортиб. — Шунинг учун бир-икки кун чиқармагандик.

— Бетоб эди дегин-а… — у яна болага юзланди. — Айт-чи, Ахмед, мободо бугун уйингизга меҳмон келмадими?

Болакай бир оз довдираб қолди — у бунақа саволни кутмаган эди.

Нима дейишини билмай ойисига қаради, аммо жангарилар бошлиғи чаққонлик қилди:

— Қўрқма, болакай! Ҳеч ким сени хафа қилмайди.

Хўш, биров келдими? Ақлли болалар ёлғон гапиришмайди-а?

Бола яна бир оз каловланиб турди. Кейин ўзига келиб, жавоб берди:

— Ҳеч ким келгани йўқ, амаки.

— Алдамаяпсанми?

— Чин сўзим!

— Яхши…

Жангарилар бошлиғи бориб, стулга оёғини чалиштириб ўтириб олди. Атрофга қараб, хонани бир кўздан кечириб чиқди-да, бетакаллуфлик билан стол устида турган ширинликлардан олиб, оғзига солди.

— Ммм! Мазали бўпти. Қойил.

Бу пайтда иккинчи қаватдан унинг одамлари тушиб келишди.

— Тоза! — деди улардан бири.

— Яхши, бор унда, ана уларга қарашларинг!

У атрофга яна бир назар ташлади. Нигоҳи чолга келганда тўхтади.

— Оёққа нима қилган? — сўради беписандлик билан.

— Қанд касалим бор эди. Шунинг касофати, ўғлим!

Бу гап қаердан хаёлига келиб қолганини ўзи ҳам билмади. Ҳар ҳолда, бу каллакесарларга «Собиқ ҳарбийман» дейишнинг ҳеч қандай маъноси йўқ эди. Шу сабабдан, берган жавобидан ўзи мамнун бўлиб, уни ривожлантира бошлади:

— Буям пешона-да, нимаям қила олардик.

У чолнинг гапларига эътибор ҳам қилмасдан, яна бир ширинлик олиб, оғзига солди.

— Эрталаб икки хоиннинг шу кўчага кириб кетганини кўришибди. Биз ўшаларни қидириб юрибмиз. Топишга ёрдам берганларни унутмаймиз! — оғзидаги овқати билан гапира бошлади. — Мободо, кимдир била туриб яширса...

Унинг юз ифодаси бирдан жиддийлашди.

— ...уларни ҳам унутмаймиз.

У «Гапим таъсир қилдимикан?» деган манода, ҳаммага бир-бир қараб чиқди. Ҳеч кимдан садо чиқмагач, гапида давом этди:

— Яна бир марта сўраяпман: уйингизга ҳеч ким келмадими?

— Йўқ, жаноб, — жавоб берди Али. — Ким ҳам келарди?

— Атрофда шубҳали одамларга кўзингиз тушмадими?

Улар инкор маъносини билдириб, бош чайқашди.

— Яхши.

У қалпоғини ечиб, бошини қашиди. Столда турган шарбатдан қуйиб ичди. Кейин қўлидаги соатига қаради-да, одамларига юзланди:

— На мунча чўздиларинг? Бирор нима топилдими?

— Ҳеч нарса йўқ, ҳаммаси жойида, — жавоб қилди улардан бири.

— Яхши, унда кетдик. Ҳали яна қанча уйларни текширишимиз керак.

Улар бирин-кетин бошлиқларининг ёнига келишди. У одамларига «Ташқарига!» деб ишора қилди ва ўзи уларнинг ортидан эргашди.

Энди эшикка яқинлашишганида Ойша — енгил тортганиданми — «Хайрият-эй...» дегандек чуқур нафас чиқариб юборди.

Жангарилар бошлиғи юриб турган жойида таққа тўхтади. Бир оз ниманидир ўйлаб турди-да, ўгирилиб, Ойшага қаради. Бечора ундан нигоҳини олиб қочар, оёқлари қалтираётганини яширишга ҳаракат қилар эди.

У кўзларини аёлдан узмаганича, секин қадамлар билан унга яқинлаша бошлади. Бир қадам қолганда тўхтаб, унинг кўзларига синчковлик билан тикилди.

Саросимага тушиб қолган Ойша яна кўзларини олиб қочишга ҳаракат қилар, хавотир билан кийимлар турган жавонга қараб-караб қўяр эди.

Жангарилар бошлиғи буни дарров пайқади ва ўзи ҳам ўша томонга қаради. Одамлари ҳамма ёғини титиб ташлаган, жавон деярли бўм-бўш, атрофида кийимлар сочилиб ётарди.

У жавон томонга қараб юрди. Энгашиб, кийимларни бирма-бир кўтариб кўра бошлади. Ҳеч нима топмагач, атрофга бир кўз югуртирди-да, эшикка томон кетди.

Аммо ярим йўлда нимадир эсига тушиб қолгандек, бирдан тўхтади. Яна жавон олдига бориб, ерда ётган қора пўстинни олиб кўтарди ва тугмаларини ечиб қаради.

Пўстин ичида бирор ерига гард қўнмаган, кўкрагида медаллар тақилган ҳарбий мундир турарди.

У яшин тезлигида чолга юзланди.

— Қанд касалим бор эди, денг? Яхшимас, қария, — у қўлига тўппончасини олди. — Шу ёшда ёлғон гапириш — катта гуноҳ. Тағин полковник! Қойил! Ашаддий жаллодлардан бўлганман, денг?

Чол чидаб туролмади. Шу чоққача ўзини зўрға босиб турганди. Ниҳоят, портлади:

— Ҳали мен жаллод бўлдимми? Унда сен кимсан? Айт, кимсан?!

Кўзлари нафратдан ёнар, бутун танаси титрар эди.

— Мен бу юрт учун жон олиб, жон берган вақтда сенлар ҳали эмаклаб юргансанлар! Жаллод эмиш… Йўқ, мен эмас, аксинча, сенлар қотилсанлар! Минг лаънат ҳамма…

У гапини тугатолмади. Гумбурлаган ўқ овози бутун уйни ларзага келтирди. Чол "ихх" деб нафас чиқарди-да, аравачасидан оғиб, ерга қулади.

— Ота-а! — Али жон ҳовучида столда турган пичоқни олиб, жангарилар бошлиғига ташланди.

Аммо улгурмади. Автомат тариллаши ва тутун ҳиди бутун хонани қамраб олди. Йигит қип-қизил қонга беланган кўкрагини чангаллаганча йиқилди.

Ойша, нималар бўлаётганига тушунмай, гангиб қолган Ахмедни қўлидан тортиб, жавон ортига итариб юборди-да, ўзини ерда ётган эрининг устига ташлади.

Довдираб қолган жангарилардан бири нима қиларини билмай, уни ҳам ота бошлади.

— Етар! Бас қилларинг! — жангарилар бошлиғи бор овози билан қичқирди.

Ўқ овозлари тинди.

— А-а-х-м-е… — бу бутун бадани қонга беланган, беқарор онанинг сўнгги сўзи эди.

Жангарилар бошлиғи одамларига "кетдик" деб имо қилди.

— Болачи? — ҳарбийлардан бири шкаф орқасига яшириниб турган болага ишора қилди. — Болани нима қиламиз?

Жангарилар бошлиғи шошмасдан жавон ёнига борди.

— Қўрқма, болакай! Биз ёмон одам эмасмиз. Аксинча, уйингдаги одамлар ёмон эди. Биз уларни жазоладик. Сен эса ақлли боласан. Юр, биз билан, мактабга олиб борамиз.

Ахмед жойидан қимир этмади. У тез-тез нафас олар, нафрат тўла кўзлари билан жангарилар бошлиғига қаттиқ тикилганича турарди.

Юзида болаларга хос қўрқув ёки йиғидан асар ҳам йўқ. Охирги бир неча дақиқа уни камида ўн ёшга улғайтиргандек эди.

Кўз олдида қонга беланган бобоси, отаси, онаси ва ҳали ёруғ дунёни кўриб улгурмаган жигари жонсиз ётарди.

Энг дахшатлиси — норасида гўдак буларнинг барчасини англаб, ҳис қилиб турарди.

— Нега қўрқаяпсан? Қўрқма, келақол. Мактабга боришни истамайсанми?

Бола яна жилмади. Икки қўлини орқасига яширганча, жойида тураверди.

— Қўлингда нима? Қани, буёққа ол-чи!

Бола "нима деяпсан?" демасди.

— Буёққа бер дедим, зумраша! — жангарилар бошлиғи унинг елкасидан ушлаб, силтаганча ўзига тортди.

Шу пайт боланинг қўлидан катталиги пиёладай келадиган, тутқичи ечилган граната "тақ" этиб полга тушди-да, думалаб стол тагига кириб кетди…


P.S.

Ушбу ҳикоянинг “Томчи” деб номланишига сабаб — ундаги воқеалар ҳозирда дунёнинг турли ҳудудларида содир бўлаётган хунрезликлар, қон тўкилишлар олдида денгиздан бир томчидир.

Илоҳим, тинчлигимиз абадий бўлсин!!!